Аввалроқ, Тошкент туманидаги маҳаллада 7 апрель куни сут олишга дўконга чиқаётган оилага шер боласи ҳамла қилиб, ташлангани ҳақида хабар бергандик. Соғлиқни сақлаш вазирлиги боланинг аҳволи ҳақида маълумот берди.
Қайд этилишича, 7 апрель куни соат 18:40лар атрофида мазкур шифохонанинг травматология ва нейрохирургия бўлими қабулхонасига 2019 йилда туғилган бемор С.М. ота-онаси билан биргаликда мурожаат қилган.
Навбатчи шифокор кўригидан сўнг у “бошнинг тепа соҳасида, ўнг елканинг тепа учлигида ва ияк қисмида тишланган жароҳатлар“ ташхиси билан стационар даволаниш учун ётқизилган.
Бемор муассасага олиб келинган вақтда умумий аҳволи ўрта оғирликда баҳоланган. Ҳуши жойида бўлса-да, безовта ва қўрқув аломатлари кўзга ташланган. Бош соҳаси рентген ва МСКТ текширувларидан ўтказилган.
Шунингдек, беморга педиатр томонидан “Ўткир респиратор инфекция. Фарингобронхит” ташхиси қўйилиб, даволашни давом эттириш ва жароҳатларини назорат қилиб туриш мақсадида торакал жарроҳлик бўлимига ўтказилган.
Ҳозир болакайнинг умумий аҳволи нисбатан қониқарли. Даво муолажалари режа асосида давом эттирилмоқда.