20 апрель куни республиканинг айрим ҳудудларида кучли ёғингарчилик оқибатида сел содир бўлган эди.
ФВВ маълумотларига кўра, ҳудудий бошқармалар ва таркибий тузилмаларга Самарқанд вилоятидан – 222 та, Жиззах вилоятидан – 14 та, Навоий вилоятидан – 10 та, Қашқадарё вилоятидан – 1 та мурожаат келиб тушган.
Сел оқибатларини бартараф этиш учун ёнғин-қутқарув бўлинмаларидан 92 та махсус техника, 20 та мотопомпа ҳамда 758 нафар қутқарувчи жалб қилинган.
Самарқанд вилоятида 5 та шоҳ кўчаларнинг ўтиш қисмида, 54 та ички кўчалар атрофидаги ирригация тармоқларида, 20 дан ортиқ кўп қаватли уйларнинг ертўлалари ва атрофида, 84 та якка тартибдаги турар жой биноларининг ертўлалари ва ҳовлиларида, 5 та умумтаълим мактабларининг ҳовлиларида сув тўпланган.
Шунингдек, ёмғир сувлари Самарқанд туманининг 4 та маҳаллаларида ва «Олмаота-Бишкек-Тошкент-Шахрисабз» автомобиль йўлида ўрнатилган д=1500 сув ўтказиш қувурига сиғмасдан, йўл қатнов қисмининг бир томонида йиғилиб қолган.
Юзага келган ҳолат оқибатларини бартараф этиш учун, ёнғин-қутқарув бўлинмаларидан 144 нафар шахсий таркиб, 17 та ёнғин-қутқарув техникаси, 11 та мотопомпа ҳамда «Самарқанд сув таъминот» МЧЖдан 6 та махсус техника ва 14 нафар ишчи-ходим жалб қилинди.
Жиззах вилоятининг Фориш туманида эса сел оқими «Эгизбулоқ» МФЙда жойлашган 260 та хўжаликдан ўтиб, уларнинг 53 таси тўлиқ талафот кўрган, 44 таси ўрта ва 163 таси енгил даражада талафот кўрган.
Қутқарувчилар томонидан 6 нафар фуқаро сел оқимлари ичидан қутқарилиб, Фориш тумани тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Шунингдек, сел оқими 15-сон умумтаълим мактаби ва 9-сон МТМ ҳудудига ҳам кирган. Ички йўлларга сел сувлари тошиши оқибатида транспорт воситалари ҳаракати вақтинчалик тўхтатилган.
Юзага келган сел оқими натижасида, «Эгизбулоқ» МФЙда жойлашган 25 та хўжаликда истиқомат қилувчи 100 дан ортиқ фуқаролар вақтинчалик яшаш учун яқин қариндошларининг уйларига кўчирилиб, улар учун туман ҳокимлиги томонидан ҳаётий зарур маҳсулотлар захираси ташкил этилган.
Ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишларига 520 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари, вилоят ва туман ҳокимлиги масъул раҳбарлари, ФВДТнинг ҳудудий ва қуйи тизимлари хизматлари ишчилари ва 54 та махсус техника жалб этилди.
Қашқадарё ва Навоий вилоятларида сел оқимлари ўз йўлидан оқиб ўтган. Сел ҳудудлардаги аҳоли яшаш хонадонлари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларига зиён етказмаган.
Ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишлари ФВВ раҳбарияти назорати остида давом эттирилмоқда.