Олий мажлис сенатининг 25-ялпи мажлисида сенат раиси Танзила Нарбаева ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг жамият ривожидаги ўрни ва аҳамияти қанчалик муҳимлиги тўғрисида фикр билдирди.
“Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат масаласи фақатгина адлия органларининг зиммасидаги вазифа эмас. Биз буни ўтган гал ҳам алоҳида таъкидлаган эдик.
Шунга қарамай айрим вазирлик ва идоралар томонидан мазкур масалага ҳамон жиддий қаралмаяпти. Юқорида фақат 3 та ташкилотдан изоҳ сўралди. Аслида уларнинг сони кўпроқ. Ахборотда бундай ташкилотлар номма-ном кўрсатиб ўтилган.
Булар, уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш, Маданият вазирликлари, Монополияга қарши курашиш, Давлат божхона, Дин ишлари бўйича қўмиталар, Тадбиркорликни ривожлантириш, Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентликлари, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциялари ва ҳ.к.
Нима учун давлат идораларига мурожаатлар кўп келяпти? Чунки кўпчилик қонунлар, нормалар, тартиб-таомиллар, янгиликлардан бехабар.
Бу ҳол вазирлик ва идораларнинг биринчи даражали раҳбарларини ташвишлантириши керак эмасми?!
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат деганда кўпчилик ҳали ҳам мажлис ва йиғилишларни тушунади. Ва бунга асос бор. Негаки, кўп ҳолларда тарғибот тадбирлари шу каби эскича ва самарасиз шаклларда ўтказилади. Ахборот даври имкониятларидан етарлича фойдаланилмаяпти. Бу, айниқса, ҳудудларда, қуйи тузилмаларда яққол кўзга ташланмоқда”, - деди Танзила Нарбаева.