Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг UzNews.uz'га маълум қилишича, ўтган йилнинг 30 декабрида Фарғона шаҳрида жойлашган Корея халқаро университетининг (KIUF) талабалари 2003 йилда туғилган Ҳ.Д. ва 2002 йилда туғилган С.И. Фарғона шаҳридаги дала ер майдонининг тут дарахтига арқондан сиртмоқ ясаб, ўзини осиб, ўз жонига қасд қилишган.
Олиб борилган терговга қадар текширув давомида Д.Ҳ. университетнинг I босқич ва С.И. эса ушбу университетнинг II босқич талабаси эканлиги аниқланган.
Экспертиза хулосасига кўра, марҳум ва марҳуманинг ўлимига “Бўйин аъзоларини сиртмоқ билан қисилиши натижасида юзага келган механик асфикция. Бўйин соҳасида странгуляцион эгат” сабаб бўлган. Шунингдек, уларнинг ўз жонига қасд қилиши сабабларини аниқлаш учун етарли маълумотлар йўқлиги маълум қилинган.
Шундан сўнг, мазкур ҳолат юзасидан ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Аммо, мазкур қарор ва тўпланган ҳужжатлар Фарғона вилоят прокуратураси томонидан ўрганиб чиқилганида, ЖПКнинг 22-моддаси талабларига зид равишда, терговга қадар текшириш тўлиқ ўтказилмасдан, қарор барвақт қабул қилинганлиги аниқланган.
2022 йил 17 февраль куни иш қўшимча терговга жўнатилди. Терговга қадар текширув давомида марҳум ва марҳуманинг курсдошлари сўроқ қилинган.
Маълумот берилишича, марҳум ва марҳуманинг сўнги кунлардаги руҳий-психологик, ҳолатларида, яъни нафақат йигит ва қиз ўртасидаги балки уларнинг ота-оналари ва яқин инсонларининг ўртасидаги муносабатлар назарда тутилганлиги ижтимоий-психологик инқирозликка хос мослашувчанликнинг бузилишини юзага келтириб, марҳум ва марҳуманинг ўзига нисбатан якуний тугалланган аутоагрессив ҳаракатга олиб келган.
Олиб борилган қўшимча терговга қадар текширув якунига кўра, марҳум ва марҳуманинг ўз жонларига қасд қилиб, вафот этганлик ҳолатида бирор-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмаганлиги ҳамда уларнинг жиноят қурбони бўлганлиги ҳақидаги важлар ўз тасдиғини топмаганлиги сабабли 17 март куни ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилиниб, уни бекор қилиш учун асослар топилмади.