Бугун, 29 апрель куни Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида транспорт тизимини ривожлантириш бўйича режалар тақдимоти билан танишди.
Самарқанд шаҳрида жамоат транспорти тизимини ривожлантириш бўйича топшириқ берган эди. Тақдимотда хорижий экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган таклифлар муҳокама қилинди.
Унга кўра, жамоат транспорти тармоғи магистрал, етказиб берувчи ва ички йўналишларга ажратилади.
Ҳозиргига қўшимча 40 та янги йўналиш, хусусан, аэропорт, вокзал ва тарихий марказларни боғлайдиган 5 та экспресс йўналиш ташкил этилади. Автобуслар катта сиғимлисига алмаштирилиб, марказий кўчаларда уларнинг ҳаракати учун алоҳида йўлак ажратилади.
2022 йилда 80 та, 2023 йилда 100 та электробус олиб келинади. Бекатлар сони кўпайтирилади. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги таркибида Транспорт бўлими ташкил этилади. 1 июлдан бошлаб, Самарқанд вилояти бюджетидан шаҳар транспортига субсидия ажратиш йўлга қўйилади.
Пастдарғом ва Булунғур туманларини Самарқанд шаҳри билан боғлайдиган электропоезд қатновини йўлга қўйиш таклифи билдирилди.
Йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш режалари бўйича ҳам ахборот берилди. Бу йил Самарқанд шаҳрида 160 километр йўл таъмирланади, 5 та йўл ўтказгич қурилиши бошланади. 102 та янги бекат ташкил қилиниб, мавжудлари тартибга келтирилади.
Тақдимотда Самарқанд вилояти махсус эксплуатация-монтаж бўлинмаси томонидан амалга ошириладиган ишлар ҳам кўриб чиқилди. Самарқанд шаҳридаги 49 та чорраҳада “транспорт оқимини рақамли бошқариш” тизими жорий этилиши, 140 та чорраҳага замонавий светофорлар ўрнатилиши, марказий кўчалар замонавий йўл белгилари билан жиҳозланиши қайд этилди. Натижада светофорда туриш вақти 31 фоизга, ҳаракат вақти 36 фоизга, ҳаракат тезлиги 17 фоизга яхшиланади.