Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизматининг хабар қилишича, айрим ижтимоий тармоқларда Афғонистон манбаларига таяниб, гўёки 2022 йил 4 майга ўтар кечаси Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида отишма содир бўлгани, унинг оқибатида Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган.
Қайд этилишича, тарқатилган хабарлар умуман ҳақиқатга тўғри келмайди. Чегарада вазият осойишталигича қолмоқда, жанубий сарҳадларни қўриқлаш одатдаги тартибда олиб борилмоқда.
"Афғонистон Муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳулла Мужоҳид ҳам турли интернет нашрларида пайдо бўлган мақолаларни ёлғон ва асоссиз деб атади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги оммавий ахборот воситаларидан журналист этикасига қатъий риоя қилишга, ўз манбаларида нотўғри ва текширилмаган маълумотларни жойлаштиришдан сақланишга чорлайди", - дейилади хабарда.