Шавкат Мирзиёев Тожикистон етакчисини президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан табриклаб, унга биродар тожик халқи фаровонлиги ва равнақи йўлидаги фаолиятида катта муваффақиятлар тилади, деб хабар бермоқда Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Тожикистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Давлат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларни ўз вақтида амалга ошириш, Ҳукуматлараро комиссия қарорларини бажариш ҳамда бўлажак олий даражадаги учрашувлар учун янги кун тартибини ишлаб чиқиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Президентлар Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон давлат раҳбарларининг Қирғиз Республикасидаги вазият юзасидан қўшма баёноти қабул қилинганини мамнуният билан қайд этдилар.
Мулоқот сўнгида мамлакатлар ўртасидаги узоқ муддатли ва кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга иккала томоннинг ҳам интилиши қатъий экани таъкидланди.
Аввалроқ, Эмомали Раҳмон кеча, 11 октябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайловида 90,92% овоз тўплагани ҳақида хабар берган эдик.