Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати маълум қилишича, Жиззах вилояти ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Жиззах шаҳри Халқобод маҳалласида яшовчи, 1998 йилда туғилган Х.Б. одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни содир этганлиги аниқланди.
Маълум бўлишича, Х.Б. БАА, Малайзия ва Таиландга мунтазам бориб, тунги клуб ва фоҳишахоналарга ўзбекистонлик аёлларни жўнатиш билан шуғулланган.
У Instagram ижтимоий тармоғида профил очиб, Фарғона, Самарқанд, Сухондарё, Бухоро ва Жиззах вилоятида яшовчи хотин-қизларни Тошкент шаҳрида яшовчи шериги орқали чет элга жўнатган. Аёллар хорижга боргач, Х.Б. уларнинг ҳар биридан 8 минг АҚШ доллари талаб қилган, бунга рози бўлмаганларни маҳаллий жиноятчиларга топшириб юбориш билан таҳдид қилган.
Таъкидланишича, жабрланувчилар чет тилини билмаганликлари, хориж қонунларидан бехабарликлари ҳамда қайтиш учун пуллари йўқлиги сабаб Х.Б.нинг шартларига кўнишган. Айни вақтда айбланувчининг 20 нафар хотин-қиздан шаҳвоний мақсадларда фойдаланганлиги аниқланди. Хусусан, Таиландга сотилган 12 нафар фуқаронинг шахси аниқланиб, 9 нафар жабрланувчидан аризалар олинган.
Ҳолат бўйича тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ шунга ўхшаш ҳолат пойтахтда ҳам содир этилган. 1990 йилда Тошкент вилоятида туғилган Зокирова Шойиста бир неча қизни Туркияга фоҳишаликка юбормоқчи бўлганида қўлга олинганди.