18 август куни Мудофаа вазирлиги қўшинларида «Мен ғолиб» шиори остида ўтказиладиган «Энг илғор мутахассис» армия ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди ва мусобақаларга старт берилди.
Очилиш маросими аввалида давлат мадҳияси янгради.
Мудофаа вазири, генерал-майор Баҳодир Курбанов ўз табрик сўзида барча жамоаларга омад тилаб, бу каби мусобақалар ҳарбий хизматчиларнинг жанговар қобилиятини ошириши, қолаверса, ёшлар қалбида она ватанга бўлган муҳаббат, ҳарбий хизматга эса ҳавас уйғотишини таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг саф майдони бўйлаб ҳарбий парад уюштирилди. Шу билан жамоалар «Танк биатлони» мусобақасига киришди.
Беллашув якунига кўра, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти вакиллари иккинчи ўринга сазовор бўлган бўлса, биринчи ва учинчи ўринларга марказий ҳарбий округ жамоалари эга чиқиб, мутлақ ғолиб бўлди.
Ғолибларга Мудофаа вазири томонидан медаль, диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Шунингдек, «Чирчиқ» дала-ўқув майдонида «Жанговар машиналар биатлони», «Армия биатлони», «Ўқ отиш спорти» ва «Тош кўтариш» мусобақалари бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, мусобақалар шу йилнинг 22 августига қадар Тошкент ҳарбий округи «Чирчиқ» дала-ўқув майдони ва Марказий ҳарбий округнинг «Сазаган» ҳамда «Каттақўрғон» полигонларида давом этади.
Фото: Юрий Ким / UzNews.uz