Ўзгидромет хабарига кўра, бугун ва ҳафтанинг охиригача Ўзбекистон ҳудудидаги об-ҳавони атмосферадаги паст босимли майдон белгилайди. Бундай ҳолат учун одатда чилла даврида кузатиладиган жуда иссиқ ҳаво хосдир.
Аҳоли бу ҳафтада республикага Туркманистондан кирадиган ҳақиқий ёз иссиғини ҳис қиладилар. Шу кунларда ҳарорат кечаси +21…+24, кундузи +37…+40 даража атрофида бўлади. Республика шимоли, жануби ва чўл зонасида +42 даражагача кўтарилади.
Мамлакатнинг бутун текислик қисмида кам булутли ва қуруқ об-ҳаво сақланиб туради, фақат тоғли ва тоғолди ҳудудларда 13 июлдан 15 июлгача қисқа муддатли момақалдироқли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор, ёғингарчилик асосан куннинг иккинчи ярмида конвектив булутлар ривожланганда кузатилиши мумкин.