Харид вақтидаги тўловларнинг нақд ёки пластик карта орқали амалга оширилишига қараб нархларни сунъий равишда оширганлик учун сотувчи (хизмат кўрсатувчи)ни маъмурий жавобгарликка тортишга оид тартиб жорий этилиши мумкин.
Бу борада «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш
ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси эълон қилинди.
Мазкур Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, эндиликда –
товарлар нархини ҳамда кўрсатилаётган хизматлар ҳақини нақд пул маблағлари ёки пластик карточкалар бўйича тўлаш шаклига қараб уларни сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш –
базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади.
Ушбу кодекснинг 168-моддаси эса қуйидаги таҳрирда баён этилади:
«168-модда. Бозорларда савдо қилиш ҳамда савдо фаолиятини ташкил этиш қоидаларини бузиш
Бозорларда савдо қилиш ҳамда савдо фаолиятини ташкил этиш қоидаларини бузиш –
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми, мансабдор шахсларга ўн баравари миқдорида жарима жазоси қўлланишига сабаб бўлади».