Бугун, 15 январь куни 2018 йилда ўтказилган жаҳон чемпионатларида совринли ўринларни эгаллаган спортчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, спортчилар билан бир қаторда уларнинг мураббийлари ҳам тақдирланишган.
Тадбирда Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, спортчилар, мураббийлар, спорт жамоатчилиги ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишган.
Қайд этиш жоиз, Президент фармонига биноан жаҳон чемпионатининг олтин медали соҳиблари 12 000, кумуш медаль совриндорлари 6 000, бронза медалига эга чиққан спортчиларимиз эса 3 000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пули билан тақдирланишган.
Бундан ташқари, чемпионат ғолибларини тайёрлаган мураббийларга медаллар турига қараб 6 000, 3 000 ва 1 500 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пули топширилган.
Қўшимча пул мукофотини оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони, йилнинг энг яхши спортчиси деб топилган Акбар Жўраев қўлга киритган. Спортчи 10 000 АҚШ доллари миқдорида пул маблағи билан тақдирланган.