• 11 960 сум
    -46.21
  • 13 761 сум
    -3.95
  • 150 сум
    -0.02
  • БРВ
    412 000 сум
  • МРОТ
    1 271 000 сум
Ру
  • 11 960 сум
    -46.21
  • 13 761 сум
    -3.95
  • 150 сум
    -0.02
  • БРВ
    412 000 сум
  • МРОТ
    1 271 000 сум
Общество 6 ноября 2018

Почта бўлимида 300 миллион сўмни ўғирлаган жиноий гуруҳ қўлга тушди

Хоразмда катта миқдорда коммунал тўловларни ўзлаштирганлар ушланди.

5232
0
UzNews.uz

Ҳалоллик ва фидойиликка йўғрилган ҳаёт ҳамда меҳнат кишини иккита бойликка етаклайди. Биринчидан, пешона тери тўкиб топилган нон ширин ва баракали бўлади. Иккинчидан, ҳалол меҳнат кишига мол-дунёдан ҳам афзалроқ бойлик — юксак обрў-эътибор ва кўнгил хотиржамлигини олиб келади.

Бунинг акси бўлган қинғирлик эса, ҳеч шубҳасиз, кишини охир-оқибат бадном қилади. Халқимиз бежизга: яхшилар ҳамиша ошини, ёмонлар эса, бошини ейди, деб айтмаган.

Алқисса, зикр этилгани сингари аччиқ қисмат ҳазорасплик Гулшан Отажонова, Отабек Собиров, Дилфуза Эгамбердиеваларнинг ҳам бошига тушди. Бу чоҳга уларни бошқалар эмас, балки ўзларини ўзлари етаклаб келди. Улар томонидан содир этилган қабиҳ қилмиш бунга сабаб бўлди.

Қора ният, шум режа йўлида ўзаро тил топишган бу кимсалар қинғир ишнинг қийиғи бир кунмас-бир кун албатта, чиқишини хаёлларига ҳам келтиришмади, халқ ва давлат бойлигини ўмаришдан тап тортишмади.

Бу жиноий гуруҳ Ҳазорасп туман почта алоқа боғламасига уя қурди.

Халқнинг мулкини катта миқдорда талон-торож қи­лишга қаратилган жиноий қилмишнинг бошида эса, кимсан, аёл боши билан почта ташувчиси вазифасида ишлаган Г. Отажонова ва Д. Эгамбердиева туришди. Шу боғламанинг бош ғазна оператори  О. Собиров улар макрининг қурбони бўлди.

Жиноий гуруҳ томонидан 2016 йил июль ойидан 2017 йилнинг ноябрь ойи­га қадар нақд 299,3 миллион сўм маблағ ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинди. Меҳнатсиз, заҳмат ва машаққатсиз пул топиш илинжи уларни қин­ғирликнинг турли йўлларига бошлади.

Ўрни келганда шуни эслатиш жоизки, туман алоқа бўлими фаолиятига фуқаролардан юборилган пул жўнатмаларини эгаларига етказиш, истеъмол қилинган табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви учун аҳолидан пул ундириш, уни ғазнага кирим қилиш ва ўз навбатида, тегишли таъминот корхоналарига етказиб бериш ҳам киради. Фаолияти зикр этилаётган "қаҳрамонларимиз" эл пулини чўнтакка уриш учун чиндан ҳам, турли мақомга йўрғалашди, меҳнатсиз бойлик орттиришнинг одамлар етти ухлаб тушида ҳам кўрмаган, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган турфа йўлларини излашди. 

... Кунларнинг бирида Гулшан кўнглидаги ғаразли режасини алоқа боғламаси бош ғазначиси Отабекка айтди: аҳолидан коммунал ва бошқа тўловлар учун ундириган пулларни чап чўнтакка уриш режасини баён этди. Гулшанойнинг режаси бинойидай эканига Отабек шу заҳотиёқ ишонди, дилини шавқ-завқ туйғулари эгаллади, чўнтак сари оқиб келаётган пулларнинг жарақлаган овози гўёки қулоқлари остида акс-садо бергандай бўлди.

Бундай ўйлаб қаралса, шу пайтгача ҳали ҳеч ким ўйлаб топмаган бу ғаро­йиб "ўйин"ни ниҳоятда жўн тарзда амалга ошириш мумкин. Пул тўлангани ҳақидаги чипталарнинг эски, сохта нусхалари ёки дубликатларини йиғиб, тайёрлаб, Отабекка тақдим этишнинг ўзи кифоя.

Гулшаной ва Отабекнинг "кашфиёти" тез орада мазкур боғламада почта ташувчи вазифасида ишловчи бошқа бир аёл — Дилфузанинг дилига ҳам чўғ солди. Хуфя "ўйин" учовлоннинг иштироки билан ўтди ва уқдирилганидек, салкам бир ярим йилга чўзилди.

Бу вақт ичида икковлон поч­та ташувчи алоқа боғламаси ғазнасига аҳолидан йиғилган  пулларни нақд ҳолида эмас, балки банк пластик карточкалари орқали тўланганлигини тасдиқловчи эски ва қалбаки чеклар, ҳақиқий чекларнинг эса, дубликат ва нусхаларини  топшириш билан машғул бў­лишди. Одамлар тўлаган нақд пуллар эса, ўртада "арра" қи­линди. Айни пайт­да киримга дахлдор ҳисоботлар ҳам сохталаштирилди. Мазкур ҳужжат пуллар нақд ҳолида йиғилганига оид битиклар билан эмас, аксинча, банк терминаллари орқали тўланганига оид сохта ёзувлар билан тўлдирилди. Икковлон ташувчи томонидан тўпланган пуллар ва сохта ҳужжатларни бош ғазначига мунтазам элтиб топиширишдек, "нозик" иш кўпинча Д. Эгамбердиева томонидан қойиллатиб бажарилди. Шу аснода жами 596 та сохта банк чеклари тўпланди ва О. Собировнинг илкига қўш­қўллаб тутқазилди. О. Собиров нақд ҳолида ундирилган пулларга қўшиб топширилган бу сохта ҳужжатлар аслида икки пулга қиммат оддийгина қоғоз эканлигини беш бармоқдай билар, аммо билса-да, ўзини бил­маганга олар ва ҳеч иккиланмай пул банк пластик карточкалари оқали тўланганига оид ҳужжатлар қаторига қўшиб қўяр, уни ҳисоботларда ҳам ай­нан шундай тарзда баён этарди. Йиғилган маблағ масаласига кел­­­сак, унинг арзимасгина қис­ми "хў­жа кўрсин" учунгина ғазнага кирим қилинар, улушнинг мў­лини Отабек ўзида олиб қолар, қолганини эса, "эгалари" қўлига тутқазар, баъзида эса, чўтал олиш билан ҳам кифояланарди.

Судда кўрсатма берган Г. Отажонова ва Д. Эгамберди­ева О. Собировнинг бу "камтарин хизмати"ни очиқ эътироф этишди. Уларнинг сўзига қа­раганда, айрим ҳолларда коммунал тўловлардан ҳосил бўл­ган қарздорлик миқдори анча юқори бўлса-да, уни одамлардан озроқ ҳажмда пул ундириш билан ҳам бартараф этиб беришган, ҳақиқий қарздорликнинг ўрни эса, қалбаки ҳужжатлар эвазига қопланган.

Шундай ҳоллар ҳам бўл­ганки, О. Собиров зарур ҳужжатлар тақдим қилинмаган, мавжудларида эса, жиддий камчиликлар аниқланган ҳолларда ҳам пул киримини амалга ошириб келган ва унинг ҳажми катта миқдорни ташкил этган. Пировардида ўтказилган тафтиш-суриштириш тадбирлари қалбаки ҳужжатларда қайд қилинган пул миқдори 154,1 миллион сўмга етганини кўрсатди.

Алоқа боғламаси ғазнасига оқиб келувчи бундай пулларга аслида мазкур корхонанинг дахли йўқ. Аниқроқ айтганда, бу алоқа тизими учун омонат маблағ. Қайд этилганидек, бу иш ана шу тарзда амалга ошмади.

Камомаднинг миқдори 5-10 миллионни ташкил этсаям, кошкийди, билинмасди. Афсус, устомонлар бу билан кифояланишмади. Улар томонидан ўзлаштирилган, талон-торож этилган пулларнинг умумий ҳажми сал кам 300 миллион сўмга етди. Ва бунча катта миқдордаги маблағнинг ўрни билинмай, сезилмай қолиши мумкин эмас. Почта боғламаси эса, аслида келиб тушмаган ва қалбаки ҳужжатлар асосида кирим қилинган катта миқдордаги зиён — ўша 299,3 миллион сўм пулни қуртдай санаб, асл эгалари қўлига тутқазиши шарт. Корхона бу пулни-ку, эгаларига қайтарди. Лекин унинг ўзи танг аҳволга тушди. 300 миллион сўм пул чиндан ҳам, жамоанинг белини букди ва алоқа боғламаси мутасаддиларини саросимага солмай қўймади. Корхонада молиявий вазият оғирлашгани ҳа­қидаги хабар тезда тизимнинг вилоят бўғинига ҳам етиб келди.

Ҳамтовоқларнинг ўзгаларга тегишли пулни инсофсизларча ўзлаштириш ва "чап чўн­так"ка жойлашга қаратилган салкам бир ярим йиллик кирдикорлари боис юзага келган моддий ўпирилиш кўламлари ўтказилган мо­лиявий тафтиш чоғида тўлалиғича ошкор бўл­ди.

Корхонани чоҳга қулатаёзган бу қилмиш беиз кетмади. Аниқланган жиддий молиявий камомад юзасидан жиноят иши очилди. Ўзлаштириш,  та­лон-торож қилишга қаратилган давомли жиноий ҳаракатлар тўлиқ ошкор бўлди. Жиноий гуруҳ томонидан Жиноят ко­дексининг ўзлаштириш ва рас­тарата қилиш йўли билан та­лон-торож қилишга доир 167-моддаси 3-қисми "а" банди­да­ ифодасини топган жиноят содир этилган. Тергов органи эса, бунга қўшимча равишда гумондорлар зиммасига ушбу кодекснинг 209-моддаси 2-қисми "а" бандида назарда ту­­тилган мансаб сохтакорлиги айбини ҳам юклади.

Судда айбланувчиларнинг қилмиши батафсил муҳокама қилинди. Ишни биринчи бос­қич­ суди мақомида муҳокама қилган жиноят ишлари бўйича  вилоят суди судлов ҳайъати Жиноят кодекснинг растрата йў­ли билан талон-торож этишга доир 167-моддаси айбланувчиларга нисбатан тўғри татбиқ этилганини қайд этди. Айни пайтда, мансаб сохтакорлиги юзасидан ушбу кодекснинг 209-моддаси бўйича қў­йилган айб ноўрин эканлигини ҳам билдирди ва уни судланувчилар зиммасидан соқит қилди. Бинобарин, ушбу модда мансабдор тоифасидаги шахсларга нисбатан қўлланилди. Ҳар учала судланувчи эса, ўз хизмат вазифаларига кўра, мансабдор шахс ҳи­собланмайди. Суд ушбу ҳолатни назарда тутар экан, судланувчиларнинг ҳужжатларни сохталаштиришга қа­ра­тилган қилмишини Жиноят кодексининг қайд этилган моддасидан 228-модаси 1-қисмига қайта малакалади ва жазо чорасини ҳам шунга мувофиқ белгилади.

Судланувчилар ҳам ўзлари содир этган қилмишнинг оқи­батини англаб етишди ва айбига астойдил иқрорлик ҳамда пушаймонлик билдиришди, алоқа корхонасига етказилган зарарни тўлиқ қоплаш учун ҳа­ракат қилишди. Натижада жа­ми 299,3 миллион сўм миқдоридаги молиявий зиённинг 275,3 миллион сўми суд ва тергов жараёнидаёқ ўз ўрнига қайтарилди. Қолган 24 миллион сўм пулни солидар тартибда тўлаш мажбурияти  улар зиммасига юкланди.

Суд айбланувчиларнинг ои­лавий шароити, хулқи, айбига иқрорлиги, пушаймонлиги каби ҳолатларни ҳам назарда тутди. Ана шунга кўра, ҳар бир судланувчи иш ҳақининг 15 фоизини чегириб қолган ҳолда 2 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинди. Шу билан бирга, судланувчилар Жиноят ко­декс­нинг 45-моддаси талабига биноан 2 йил мобайнида давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдор ва моддий жавобгар шахс вазифасида ишлаш ҳу­қуқидан маҳрум этилди.     

Юқорида баён этилганлардан кўринадики, жиноий қилмиш беиз кетмади: муқаррар жазога етаклади. Айбланувчиларнинг сўқир кўзи эса, боши тошга урилганидан сўнг очилди.

Шуҳрат Раззоқов, жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти судининг судьяси

5232
0