Боғот туманидаги “Олимпиада миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб интернати”нинг 5-синф синф ўқувчиси, 2007 йилда туғилган Х.Бобоназар 2018 йил 20 сентябрь куни тан жароҳати билан шифохонага ётқизилганидан сўнг, унинг отаси 22 сентябрь куни туман ИИБга ариза билан мурожаат қилади. Бу ҳақда Хоразм вилояти ИИБ хабар берди.
Ушбу мурожаат асосида олиб борилган суриштирув ишлари ва ўтказилган суд-тиббий хулосаси натижасида мактаб-интернатда спорт мураббийи бўлиб ишловчи, 1982 йилда туғилган Р.Ж. 11 ёшли Бобоназарни қасддан уриб тан жароҳати етказганлиги маълум бўлди. Ҳозирги кунда жароҳат олган Бобоназар шифохонада даволанмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан “муштумзўр мураббий”га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 104-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.