“Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг уч нафар катта лавозимдаги ходимлари, жумладан автокорхоналарнинг техник жараёнлари бош муҳандиси, GPS назорати тизими масъули ва 5-автобус саройи директори ўз ишларида йўл қўйган камчиликлари туфайли лавозимларидан озод қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Жамият фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Улардан бири – GPS назоратини тубдан такомиллаштириш, хусусан тизим орқали автобусларнинг қатновлари сонини автоматик тарзда ҳисоблаб бориш белгиланган. Шунингдек, босқичма-босқич диспетчерлик хизматидан воз кечган ҳолда, автобуслар ҳаракати назоратини тўла компьютерлаштириш ҳам кўзда тутилмоқда.