Олмазор туман жиноят ишлари бўйича суди тадбиркор Жаҳонгир Умаровни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 276-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топди ва унга нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Бундан норози бўлган Жаҳонгир Умаров ва унинг адвокати Бахтиёр Саидмуратов томонидан Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судига Аппеляция шикояти топширилди.
Жаҳонгир Умаров ва унинг адвокатига кўра, қуйидагиларга биноан мазкур ҳал қилув қарори мутлақо ноқонуний, асоссиз ва адолатсиз деб ҳисобланади.
Судга Ж.Ш.Умаровнинг дастлаб ўз айбини бўйнига олишга мажбур бўлганлигини тасдиқловчи ҳамда унинг муқаддам берган кўрсатмалари ҳақиқатдан йироқ эканлигини тасдиқловчи инкор этиб бўлмас далиллар тақдим этилди.
Ж.Ш.Умаровга нисбатан уюштирилган айблов уни уриб, тан жароҳати етказиб, зўрлик билан қўйилганлиги иш бўйича ўтказилган суд-тиббиёт экспертизасининг 2018 йил 3 июлдаги 3601-Х-Икр. сонли хулосаси билан исботланган.
Ж.Ш.Умаровга ўтказилган жисмоний тайзиқлар ва ноҳақ қўйилган айблов натижасида унинг соғлигига жиддий салбий таъсир кўрсатиб, суд муҳокамаси жараёнида соғлиги кескин равишда ёмонлашиб, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказига тез тиббий ёрдам машинасида олиб келиб жойлаштирилди ва у ерда инфаркт ҳолати билан юрак жарроҳлик амалиёти ўтказилди.
Судланувчи Ж.Ш.Умаровга нисбатан унга қўйилган айбловнинг Тошкент шаҳар ИИББ ЖҚБ уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ўта муҳим ишлар бўйича катта тезкор вакили Нуритдинов Фатхиддин Саддритдинович томонидан қасддан “буюртма” асосида уюштирилганлиги ва гиёҳвандлик моддаси у томонидан 2018 йил 22 январь куни воқеа жойи бўлган Ж.Ш.Умаровнинг Тошкент шаҳар Олмазор тумани Беруний кўчасида жойлашган “Интеграл инвест” МЧЖ ҚКдаги офисига “ташлаб қўйилганлиги” унинг ўз сўзлари билан айтган аудиоёзув ҳамда видеоёзув билан исботланди.
Ушбу аудиоёзув ва видеоёзувда қайд этилган ҳолатлар юзасидан суд мажлисида гувоҳлар сўроқ қилинди. Гувоҳлар ўз кўрсатмаларида ҳақиқатдан ҳам айбловга асос бўлган гиёҳвандлик моддасининг тадбир иштирокчиси бўлган Ф.С.Нуритдинов томонидан ташлаб қўйилганлигини тасдиқлашди.
Суд терговида исботланган ва айбнинг ноқонуний қўйилганлигини тасдиқловчи далилларга суд ҳукмида мутлақо баҳо берилмасдан, ноқонуний ва адолатсиз ҳукм қабул қилинган.
Шу ва шу каби қатор ҳолатлар юзасидан Жаҳонгир Умаров ва унинг адвокати норози бўлган ҳолда Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судидан адолат излаб, Олмазор туман жиноят ишлари бўйича суди ҳукмидан норози бўлмоқда.