Самарқанд вилояти ва Қашқадарё вилоятини боғловчи Тахтиқорача довонида россиялик ҳамда маҳаллий турист аёлларни таҳқирлашга ҳаракат қилган маст ҳолдаги кишилардан ҳимоя қилишга уринган фото журналистни бухоролик йигитлар калтаклаб кетишди.
Воқеа 2018 йилнинг 3 июнь куни соат тахминан 14:00-14:30да Самарқанд вилоятининг Ургут ҳамда Қашқадарё вилоятининг Китоб туманларини боғлаб турувчи Тахтиқорача довонида содир бўлган.
Россия ҳамда маҳаллий туристлар гуруҳи довоннинг ажойиб манзарасини томоша қилаётган пайтларида уларнинг олдига бир гуруҳ маст ҳолатда бўлган шахслар келиб “шилқимлик” ва “тегажоғлиқ” қилишади.
Туристлар сафида бўлган аёллар ва қизларга ҳар хил гаплар айтиб, уларнинг нафсониятига тега бошлашади. Шу пайт уларнинг сафида бўлган “Uznews.uz” фото мухбири вазиятни юмшатиш ва меҳмонларни хафа қилиш яхши иш эмаслигини тушунтиришга уринган бир пайтда, маст ҳолатда бўлганлардан бири кутилмаганда унга ташланади, кўринишидан спортчи бўлган бу йигит фото мухбиримизга қаттиқ тан жароҳати етказади ва воқеа жойидан қочишга уринишади.
5 кишидан иборат турист меҳмонлар аёл-қизларни зўрлашга ҳаракат қилишга уринган бу маст ҳолатдаги кишиларнинг шахсини аниқлаш имкони бўлмаса-да, уларнинг дельфин рангли Nexia автомашинасига ўтириб қочиб кетишгани маълум бўлган. Бухоро вилоятига тегишли 80 рақамли автомашинанинг 804 сони ҳам туристлар ва қолган гувоҳлар томонидан яққол кўрилган.
Ўйлашимизча, қолган маълумотларни аниқлаш у қадар қийин эмас. Сабаби довоннинг ҳар икки томонида ҳам 10га яқин ички ишлар ва қолган ҳуқуқ тартибот ходимларидан иборат “каттагина” гуруҳи тоғнинг тоза ҳавосида пост қўриқлаб ўтиришади.
Биз таҳририят номидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Давлат Туризм қўмитаси раҳбариятига ушбу ҳолатни олдини зудлик билан олиш ҳамда қонунбузарларга белгиланган чоралар кўрилишини сўраб қоламиз.
Зеро, бу кетишда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги туристларни Ўзбекистонга жалб қилиш ҳаракати самарасиз қолаверади.
Кундуз куни турист аёлларни зўрлашга қилинган ҳаракат ва уларнинг ҳимоясига отланган йигитнинг калтакланиши туризм ривожланган ва уни ривожлантиришга ҳаракат қилаётган мамлакатларда камдан-кам учрайдиган ҳолатдир.