• 11 960 сум
    -46.21
  • 13 761 сум
    -3.95
  • 150 сум
    -0.02
  • БРВ
    412 000 сум
  • МРОТ
    1 271 000 сум
Ру
  • 11 960 сум
    -46.21
  • 13 761 сум
    -3.95
  • 150 сум
    -0.02
  • БРВ
    412 000 сум
  • МРОТ
    1 271 000 сум
Политика 30 ноября 2021

Шавкат Мирзиёевнинг вакили Афғонистон муваққат ҳукумати билан музокара ўтказди

Афғонистон ҳукумати Ўзбекистон делегациясига мамлакат мактаблари ва олий ўқув юртларида ўзбек тилини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилишини маълум қилди.

902
0
ТИВ

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев бошчилигидаги делегация 30 ноябрь куни Кобулда Афғонистон муваққат ҳукумати вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, музокаралар мамлакатнинг Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти, Ташқи ва Ички ишлар, Жамоатчилик, Энергетика ва Иқтисодиёт вазирликларида олиб борилган. Учрашувларда мамлакатдаги вазият, Афғонистон халқига инсонпарварлик ва бошқа ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлар, энергетика ва транспорт соҳаларида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Афғонистон муваққат ҳукумат вакиллари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга синовли даврда афғон халқини фаол қўллаб-қувватлаётгани, мамлакатда тинчлик ўрнатилишига кўрсатаётган ёрдами, янги ҳукумат томонидан афғон заминида тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди.

Шунингдек, Ўзбекистон томонидан электр энергиясини узлуксиз етказиш, Ўзбекистон–Афғонистон давлат чегараси иш тартибини давом эттириш, Мозори-Шариф халқаро аэропорти фаолиятини тиклашга кўмаклашиш, инсонпарварлик ёрдамини ўз вақтида кўрсатиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга юқори баҳо берилди.

Афғонистон томони Ўзбекистон ташаббуси билан бошланган Сурхон–Пули–Хумри электр узатиш линияси ва Мозори-Шариф–Кобул–Пешовар темир йўли қурилиши каби инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни имкон қадар тезроқ бошлашга тайёрлигини тасдиқлади. Бу лойиҳалар мамлакатни минтақавий жараёнларга босқичма-босқич жалб этишнинг асосий омилига айланган интеграция ва ўзаро боғлиқликка хизмат қилиши айтилган.

Афғонистон вакиллари мамлакат ҳудудидан Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатларига, шунингдек, бутун дунёга заррача таҳдид солинмаслигини таъкидлади. Афғонистоннинг янги ҳукумати Ўзбекистон билан биргаликда икки мамлакат халқларининг аждодлари — Алишер Навоий (Ҳирот), Заҳириддин Муҳаммад Бобур (Кобул), Абу Райҳон Беруний (Ғазна) ва Бобораҳим Машраб (Таҳор) қабрлари жойлашган ҳудудларда ободонлаштириш ишларини олиб боришга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, мамлакат мактаблари ва олий ўқув юртларида ўзбек тилини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Учрашувда Афғонистон томони минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ва икки мамлакат халқлари манфаатлари йўлида Ўзбекистон билан биродарлик ва яхши қўшничилик муносабатларини қўллаб-қувватлаш йўналишини бундан кейин ҳам давом эттиришда қатъий эканини тасдиқлади.

902
0