Тошкент шаҳар ИИББга бир неча нафар чет эл фуқаролари Тошкент шаҳридаги бозорлардан ҳар хил буюмларни арзон нархларда сотиб олиб, фуқароларга алдов йўли билан қиммат нархларда сотиб келаётганликлари ҳақида хабар келиб тушган.
Мазкур хабар асосида 2017 йилнинг 5 ноябрь куни Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан юқоридаги шахсларни аниқлаш мақсадида тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида икки нафар циган миллатига мансуб бўлган, Молдова Республикаси фуқаролари 1991 йилда туғилган Плешко Александр ҳамда 1987 йилда туғилган Чеботарь Александрлар аниқланиб, мазкур шахслар Тошкент вилоятида жойлашган меҳмонхонада вақтинча яшаб, Чилонзор туманидаги “Абу Саҳий” бозоридан ошхона анжомлари, идиш-товоқ тўпламлари ва шу каби бошқа буюмларни арзон нархларда сотиб олиб, уларни Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг атрофида, бозорларда ҳамда супермаркетларда гўёки мазкур буюмлар Европа давлатларида ишлаб чиқарилганлигини билдириб, фуқароларни алдаш орқали қиммат нархларга сотиб келаётганликлари маълум бўлган.