Маросим Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикаси пойтахти мэриясига ташрифи доирасида бўлиб ўтди.
Маросимда сўзга чиққанлар Ўзбекистон билан Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётгани, икки мамлакат ўртасидаги дўстлик муносабатлари янада мустаҳкамланишида Президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи муҳим аҳамият касб этаётганини қайд этди.
Давлатимиз раҳбари халқларимиз ўртасидаги дўстлик рамзи сифатида Тошкент шаҳрида Сеул кўчасини ташкил қилиш таклифини билдирди.
Шавкат Мирзиёев шунингдек, фахрий меҳмонлар китобига ўзининг тилакларини ёзиб қолдирди.
Учрашувда Ўзбекистон билан Жанубий Кореяни дўстлик ришталари, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкам боғлаб тургани алоҳида таъкидланди.
Бугунги учрашувда замонавий технологиялар асосида шаҳарни бошқариш, транспорт тизими ва уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш бўйича самарали тизимни ташкил этиш соҳасида Жанубий Кореянинг илғор тажрибасидан фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шаҳарсозлик, архитектура ва ландшафт дизайни соҳаларида ўзаро фаол ҳамкорлик қилиш муҳимлиги қайд этилди.