Ўзбекистон Республикаси Олий суди масъул ходими Азиз Обидовнинг “UzNews.uz” га маълум қилишича, биринчи инстанция судлари томонидан 55 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган. Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) асносида 9 нафар шахсга нисбатан қўзғатилган жиноят иши тугатилган. Юқори турувчи инстанция судлари томонидан 50 нафар шахс оқланган ва уларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари тугатилган.
Олий суд Раёсати томонидан 2 нафар шахс ва жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан эса 9 нафар шахс оқланган ва реабилитация қилинган.
Таҳлил натижаларига кўра, биринчи, апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан Қашқадарё вилоятида - 29, Тошкент шаҳрида - 16, Тошкент вилоятида - 13, Сурхондарё вилоятида -7, Андижон вилоятида – 7, Хоразм вилоятида – 6, Қорақалпоғистон Республикасида - 5, Самарқанд вилоятида - 5, Фарғона вилоятида - 4, Жиззах вилоятида - 4, Сирдарё вилоятида - 4, Навоий вилоятида – 4 ва Бухоро вилоятида 1 нафар шахс оқланган ва реабилитация қилинган.
Олий суд томонидан ушбу суд қарорлари ўрганиб чиқилди. Жиноят ишлари бўйича эълон қилинган айбловлар далиллар билан тасдиқланмагани, тахминлар ёки миш-мишлардан иборат маълумотлар ҳамда номақбул далилларга асослангани боис судлар томонидан барча қарорлар асосли равишда чиқарилган, деб топилди.