2018 йил 23 март куни Самарқанд вилояти, Иштихон туманида истиқомат қилувчи фуқаро ўз номига Сирдарё вилояти, Оқолтин туманидаги Сардоба алоқа бўлимидан 2017 йилнинг 15 август куни юборилган буюртмали хат етиб келмаганлиги тўғрисида Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясига мурожаат қилган.
Фуқаро мурожаатини ўрганиш жараёнида, унинг номига 2017 йилнинг 15 август куни юборилган буюртмали хат 2017 йилнинг 22 август куни “Ўзбекистон почтаси” АЖ Самарқанд туманлараро почта алоқа боғламасининг Саралаш ва етказиш участкасига келиб тушгани аниқланган.
Аммо, Иштихон туманлараро почта алоқа боғламасининг мансабдор шахслари ва масъул ходимларининг ўз ишига совуққонлик билан қараганлиги туфайли ушбу хат эгасига етказилмаган. 2018 йилнинг 26 март куни Инспекциянинг Самарқанд вилояти ҳудудий бўлинмаси ходимлари томонидан мурожаат ўрганилиб, 7 ой 11 кун кечиккан почта фуқарога топширилган.
Таъкидлаб ўтамиз, фуқаро бу масалада Иштихон туманлараро почта алоқа боғламасининг мансабдор шахслари ва масъул ходимларига жўнатмада унга зарур ҳужжатлар борлигини айтиб, бир неча маротаба мурожаат қилган.
Қайд этиш жоиз, Инспекциянинг Самарқанд вилояти ҳудудий бўлинмасига жорий йилнинг 1-чораги давомида 362 та мурожаат келиб тушган бўлиб, ундан 26 таси почта алоқаси хизматларига тегишли бўлган.