Хусусан, икки давлат раҳбарлари иштирокида "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти билан "Қазақстан темир жоли" Миллий компанияси ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битимга имзо чекилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан Қозоғистон Республикаси Молия вазирлиги ўртасида контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашишда ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.
Томонлар ҳарбий-техникавий соҳада ҳамкорлик қилиш тўғрисида ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Қозоғистон Республикаси ҳукумати ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорликнинг баъзи масалалари тўғрисидаги битимни имзолашди.
Шу қаторда, Навоий вилояти ҳокимлиги билан Қизилўрда вилояти ҳокимлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлиги билан Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокимлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги билан Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокимлиги ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар имзоланди.
Икки давлат ҳукуматлари раҳбарлари томонидан давлат чегараларининг ўтказиш пунктлари ва автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ва модернизациялаш ҳамда туташ ҳудудларни ободонлаштириш бўйича ва Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида сувга оид муносабатлар соҳасида ҳамкорлик бўйича йўл хариталари имзоланди.
Брифинг сўнгида икки мамлакат ахборот агентликлари учун меморандум имзоланган.