Андижонда ДХХ ва ИИБ ходимлари 16 январь куни олинган тезкор маълумотга асосан диний экстремистик ташкилоти аъзоларини қўлга олди. Бу ҳақда вилоят ИИБ Матбуот хизмати хабар берди.
Аниқланишича, “Ҳизб ут-Таҳрир” диний экстремистик ташкилотининг “Аёллар қаноти” гуруҳи аъзолари бўлган 12 нафар аёл Андижон туманида яшовчи фуқаро М.М.нинг хонадонида тўпланиб, “Ҳизб ут-Таҳрир” диний экстремистик ташкилоти фаолиятини тарғиб қилувчи диний ўқишхонлик қилиб келаётган бўлган.
Олиб борилган тезкор суриштирув тадбирлари давомида, ушбу аёллар ҳозирда Туркияда бўлган 1972 йилда туғилган аёл М.Х.нинг кўрсатмаси асосида тез-тез бир бирларининг хонадонларида зиёфат баҳонасида йиғилишиб, М.Х.дан ижтимоий тармоқлар орқали “Ҳизб ут-Таҳрир” диний экстремистик ташкилоти ғоялари бўйича сабоқ олиб келишаётгани маълум бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.