Бугун, 20 январь куни Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов иштирокида Sevimli телеканали таъсисчиларининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Канал кузатув кенгаши раиси вазифасини бажарувчи этиб жамоатчилик асосида Ф.Абдухолиқов сайланди.
Таъсисчиларнинг қарори билан бош директори вазифасини бажарувчи А.Хўжаев ва бош муҳаррир Қ.Сайдалиев ўз вазифасидан озод этилди.
Йиғилишда шу пайтга қадар Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бош директори лавозимида ишлаб келаётган Ж.Сафоев канал бош директори вазифасига тайинланди.
Йиғилишда сўзга чиққан Ф.Абухолиқов канал эфирига узатилган “Сабрия” сериалини бадиий савиясини танқид остига олди.
"Биз телеканал мухлислари ва жамоатчиликдан узр сўраймиз ва келгусида янги тайинланган бош директор, нафақат сериаллар, қолаверса барча медиа маҳсулотларнинг ғоявий-бадиий жиҳатларига масъул эканлигини уқтирган ҳолда, барча чора- тадбирларни ишлаб чиқиши зарур”, - дея таъкидлади кузатув кенгаши раҳбари.