Энди Ўзбекистонда 5 ёшдан 11 ёшгача бўлган болалар ҳам коронавирусга қарши эмланади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди.
Унинг таъкидича, мамлакатда 5-11 ёшли болаларни эмлаш бўйича алоҳида кўрсатма тайёрланди. Улар Pfizer вакцинасининг 0,1 мл литр дозаси билан эмланади. Бунда 6 дозали вакцинани самарали ишлатиш учун бир пайтнинг ўзида эмлаш пунктларига 18-20 нафар болани йиғиб, вакцинани қўллаш назарда тутилган.
Шунингдек, COVID-19'га қарши эмланадиганлар сони энди 5 ёшдан юқори аҳоли статистикаси билан юритилади.
"Давлат ташкилотларида 50 мингдан кўп, хўжалик юритиш субъектларида 20 мингдан кўп эмланмаган фуқаро мавжуд. Уларни ҳам эмлаш жараёнига жалб этиш жоиз", - дейди Нурмат Отабеков.