Қамоқхонада оиласи билан яшаётган маҳбуслар бор, улар қандай шахслар? Умрбод озодликдан маҳрум қилинганлар қайси калонияларда сақланади? Шу каби саволларга Жазони ижро этиш департаменти жавоб берди.
Департаментдан маълум қилишича, бугунги кунда мамлакатда 54 та жазони ижро этиш колонияси мавжуд. Шундан 18 таси ёпиқ турдаги, 25 таси манзил колония ва 11 таси тергов ҳибсхоналари ҳисобланади.
Маълум қилинишича, мазкур 18 та ёпиқ турдаги колонияга рухсатсиз кириш ҳам, чиқиш ҳам мумкин эмас ва улар қатъий қўриқланади. Сўнгги беш йилда қамоқ деб аташ мумкин бўлган жазони ижро этиш муассасаларидан бирорта ҳам маҳкум қочмаган.
Айни пайтда жазони ижро этиш тизимида 29 мингдан ортиқ, шундан 7 мингдан ортиғи манзил колонияда, 22 мингдан ортиқ маҳкумлар бошқа турдаги колонияларда жазо муддатини ўтамоқда.
Тергов ҳибсхоналари озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган ва хўжалик хизматига оид ишларни бажариш учун қолдирилган шахсларга нисбатан жазони ижро этиш муассасалари вазифасини бажаради.
Ўз навбатида жазони ижро этиш колониялари манзил-колонияларга, умумий, қаттиқ, махсус тартибли колонияларга бўлинади ҳамда вояга етган маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган.
Тарбия колониялари эса вояга етмаган маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган. Турмалар эса вояга етган маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган.
Манзил-колонияларда маҳкумлар соқчисиз, аммо назорат остида сақланади. Улар эрталаб ўриндан туришдан кечки ётишгача бўлган вақт мобайнида колония ҳудуди доирасида эркин юриш ҳуқуқидан фойдаланадилар.
Агар улар бажараётган иш ёки олаётган таълим тақозо этса, маъмуриятнинг рухсати билан колония ҳудудидан ташқарида назоратсиз юришлари ҳам мумкин. Улар ёпиқ турдаги муассасалардаги каби махсус кийимда эмас, балки фуқаролар киядиган кийимда юрадилар. Ёнларида пул ва қимматли буюмлар сақлаши, пулдан чекланмаган миқдорда фойдаланиши мумкин. Чекланмаган миқдорда телефон орқали сўзлашиш, посилка, йўқлов ва бандероллар олишлари ҳамда жўнатишлари мумкин.
Таъкидланишича, манзил-колониялардаги маҳкумлар чекланмаган миқдорда учрашув олиш ҳуқуқига эга. Учрашувлар одатда ишдан бўш вақтда берилади. Учрашув маҳкумнинг илтимосига биноан манзил-колония ҳудудидан ташқарида ўтказилиши мумкин. Уларга ҳатто муассаса жойлашган ердаги олий ва ўрта махсус ўқув юртларида сиртдан ўқишга рухсат этилади.
Аммо, қаттиқ тартибли колонияларда жазони ўташ тартиби бундан кескин фарқ қилади. Бундай маҳкумлар умумий турар жойларда яшайдилар. Улар 5 марта қисқа муддатли ва 5 марта узоқ муддатли учрашув, 8 марта телефон орқали сўзлашув, 8та посилка ёки йўқлов, 8та бандероль олиш ҳуқуқига эга.
Махсус тартибли колонияларда умрбод озодликдан маҳрум қилинганлар, шунингдек умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилган шахслар сақланади. Улар камераларда ёки умумий яшаш биноларида яшайдилар. Бундай маҳкумлар ҳуқуқлари нисбатан камроқ. Камераларда сақланадиган маҳкумларнинг кинофильмлар ва телекўрсатувлар кўриши тақиқланади.
Маҳкумлар қайси жазони ижро этиш муассасасидан бўлишидан қатъи назар, белгиланган тартибга риоя этиши шарт. Тартибни бузганлар албатта, қилмишига яраша жазоланади.