Қонунчиликка алоҳида “йўл безорилиги” деган янги жавобгарлик тури киритилади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида маълум қилинди.
Аввалроқ, ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун жарима баллари тизими жорий этилиши белгилангани ҳақида хабар бергандик.
Унга кўра, қонуний жаримадан ташқари ҳайдовчи тезликни оширса, 1 балл, қизил чироқда ўтса, 3 балл ҳисобланади.Агар бир йилда қоидабузарликлар жами 12 баллдан ошса, ҳайдовчи автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади ва қайта имтиҳон топширади.
Эндиликда, ҳайдовчиларнинг жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишда тўланадиган суғурта бадали миқдорини жарима балларидан келиб чиқиб белгилаш тартиби жорий этилади.
Шунингдек, автомобилни тартибсиз бошқариб, бошқа ҳайдовчиларга халақит қилганлик учун қонунчиликка алоҳида “йўл безорилиги”, деган янги жавобгарлик тури киритилади.
Қонунчилик палатаси мутасадди идоралар билан биргаликда йўл ҳаракатига оид қонун ҳужжатлари қайта кўриб чиқилиб, тубдан такомиллаштирилади.
"Амалдаги қонунчиликда айрим йўллардаги ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган жазоларнинг қатъий эмаслиги қўпол қоидабузарликлар, уларни такрор содир этиш ҳолатларининг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Албатта, ушбу жараёнларда қабул қилинадиган ҳар бир қарор ва таклифлар энг аввало ҳайдовчилар, соҳа мутахассислари ва кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади", - дейилади хабарда.