ИИВ Тергов департаменти Матбуот хизматининг хабарига кўра, Kapitalbank АТБ амалиёт бошқарувчиси Ўрта Чирчиқ туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган.
Аризада айтилишича, жорий йилнинг 26 январь кунига ўтар кечаси номаълум шахс томонидан тумандаги Тошкент йўли кўчасига ўрнатилган Kapitalbank’га тегишли бўлган баҳоси 145 млн сўмлик банкомат ўғирлаб кетилган.
Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан ЖКнинг 169-моддаси 4-қисми “а” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида, мазкур жиноят Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи 24 ёшли Э.А., 22 ёшли С.Н. ва 23 ёшли Ю.Д.,лар томонидан бир гуруҳ бўлиб содир этилганлиги аниқланган.
Тергов давомида, қонунбузарлардан мазкур банкоматни қаерга яширганлари сўралганда, улар банкоматни темир жисм ёрдамида бузиб очишганликлари, бироқ банкомат ичида пул бўлмаганлиги сабабли уни Тошкент шаҳар Бектемир туман ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсига ташлаб юборишганликларини маълум қилишган.
Ҳозирда, ушбу шахсларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.