Жаҳон банкининг ижрочи директорлари кенгаши Ўзбекистонга 50 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредитни тақдим этишни маъқуллади. Бу ҳақда банкнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Молиялаштириш миллий статистика тизимини модернизация қилиш бўйича беш йиллик лойиҳани амалга ошириш учун ажратилмоқда.
Лойиҳа Давлат статистика қўмитасининг (Давстатқўм) статистик маълумотларни умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос равишда ишлаб чиқиши ва тарқатиши бўйича салоҳиятини яхшилашга кўмаклашади.
Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) юқорида таъкидлаб ўтилган имтиёзли молиялаштиришни Ўзбекистон ҳукуматига жуда паст фоиз ставкасида тақдим этади.
Кредитни қоплаш бўйича муддат – 30 йил, шу жумладан 5 йиллик имтиёзли давр билан.
Жаҳон банки томонидан молиялаштириладиган лойиҳа Давстатқўмнинг муҳим статистик маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва тарқатиш йўналишидаги инсон ва технологик салоҳиятларини ривожлантиришни жадаллаштиради.
Тегишли статистик маълумотларнинг мавжудлиги фуқаролар ва бизнес вакиллари учун турли хил давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигини оширади, хусусий сектор ўсишига ҳисса қўшади ҳамда Ўзбекистонга кўпроқ хорижий инвестицияларни жалб қилишга кўмаклашади.