Қарорга мувофиқ, 2022 йилги Наврўз умумхалқ байрами “Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳда ва юқори савияда нишонланади.
Байрам Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва овулларда умумхалқ сайиллари шаклида кенг ўтказилади. Шунингдек, Тошкент шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” мажмуасида алоҳида дастурлар асосида халқ сайилларини ташкил этилади
Байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлари, кекса авлод вакилларини ҳар томонлама эъзозлаш, Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари тарбияланувчилари, Саховат уйларида яшаётганлар, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Меҳр дафтари”га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирларини амалга оширилади.
Тошкент шаҳрида Наврўз умумхалқ байрамига бағишлаб ўтказиладиган театрлаштирилган концерт томошаси ташкил қилинади. Концерт томошаси тажрибали сценарист ва режиссёрлар, бастакорлар, балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш ижрочилар, фольклор санъати вакиллари билан биргаликда юқори бадиий савияда тайёрланади.
Байрам дастурларини ва оммавий томошаларни тайёрлашда, кўчалар, хиёбонлар ва майдонларни безатишда малакали мутахассислардан иборат ижодий гуруҳларни кенг жалб этилади.
Қарорда барча тадбирлар карантин қоидалари ва жамоат хавфсизлиги талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ўтказилиши белгиланди.