Cудда маълум қилинишича, судланувчилар – Б.М., С.У. ҳали ўттиз ёшга тўлмаган. Қ.А. ва О.Ж. эса касб-ҳунар мактабининг биринчи босқич ўқувчилари бўлиб, вояга ҳам етмаган бўлган.
Улар Марғилон шаҳридаги қурилиш материаллари бозоридан темир маҳсулотларини 13 млн 460 минг сўмга сотиб олиб, қолган пулни Қувасойда юкни олиб борадиган ҳайдовчидан бериб юборишга келишади.
Юк ташувчи А.Усмонов ва ўзининг вояга етмаган шогирди Р.Ҳайдаров билан "Москвич комби"да маҳсулотларни олиб кетаётганда судланувчилар ҳайдовчини шогирдининг кўз ўнгида арқон билан бўғиб, ўлдиришади.
Р.Ҳайдаровни қўл-оёқларини боғлаб юкхонага, мурдани эса ўриндиққа жойлашади. Шундан сўнг машинадаги темир маҳсулотларини уйга тушириб, автомашинани бошқа жойга олиб бориб ташлаб кетишади.
Кейинроқ, вояга етмаган Р.Ҳайдаров ҳушига келиб, содир этилган жиноят ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга хабар берган. Жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман суди томонидан мазкур иш кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилди.
Б.М.га 22 йил, С.У.га 19 йил, Қ.А. ва О.Ж.га 14 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.