Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Наманганда 1-синф ўқувчилари доскага чиқарилиб, руҳан синдирилаётгани мазмунида видеолавҳа тарқалди.
Вилоят Халқ таълими бошқармаси Матбуот хизматининг маълум қилишича, Учқўрғон туманидаги 13-умумий ўрта таълим мактабининг 1-“в” синф раҳбари Шаҳноза Мадраҳимова ўқиш дарси пайтида синфдаги 6 нафар ўқувчи уй вазифасини тайёрламагани ва дафтарлари қолиб кетгани сабабли бундай ҳолат қайтарилмаслиги ва бошқа ўқувчиларга сабоқ бўлиши учун доска олдига чиқартириб, қолган ўқувчиларга “уят” деб гапиртириб, изза қилдирган.
Бу жараёнларни ўзи уяли телефонига тасвирга олиб, икки нафар ўқувчи ота-онасига Telegram орқали жўнатган.
Синф раҳбари Шаҳноза Мадраҳимова билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, ўз вазифасига совуққонлик билан қарагани учун таълим муассасаси директори Ойбек Мўйдинов, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Яшин Абдугофурофларга “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилган. Шунингдек, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Маҳбуба Имомова жиддий огоҳлантирилган.
"Вилоят Халқ таълими бошқармаси таълим-тарбия борасида бундай ҳолатларни қўллаш умумэътироф этилган мезонларга мутлақо зид деб баҳолайди ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўйилмаслиги чора-тадбирларини кўриб боради", - дейилади хабарда.