Бугун Сенатнинг 24-ялпи мажлиси давом этмоқда. Унда Сенат раиси Танзила Нарбаева коррупцияга қарши курашиш агентлиги тўғрисида фикр билдирди.
Нима учун давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш айнан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига ишониб топширилди? Очиқлик муҳитида коррупцияга ўрин қолмайди, "нафас" ололмайди. Мана шу вазифаларни таъминлаш иши шу сабабли янги тузилган агентликка юкланди. Бу борада ўрнак бўлаётган давлат ташкилотлари бор, дея сўз бошлади Танзила Нарбаева.
"Бироқ очиқлик масалаларига юзаки қараш, ўз ҳолига ташлаб қўйиш айрим вазирлик-идораларда ҳали ҳам мавжуд. Очиқликни барчамиз таъминлашимиз керак. Бу гаплар маҳаллий кенгашларга ҳам тегишли. Жамоатчиликка мунтазам ҳисоботлар бериб бориш шарт. Маҳаллий кенгаш мажлисларида фаол журналист ва блогерлар қатнашишини ҳам ҳам таъминланглар. Мана Сенат мажлисларида ҳам журналист, блогерларимиз ўтирибди, ҳисоботларимиз, тортишувларимизнинг гувоҳи бўляпти, кузатишяпти, ёритишяпти.
Давлат ташкилотларида, айниқса ҳудудий тузилмаларда (жумладан, ҳокимлик, маҳаллий Кенгашларда) очиқликни таъминлаш инфратузилмаси тўлиқ шаклланганми, кадрлар салоҳияти етарлими, кимлар бунга масъул этиб белгиланган, аниқ малака талаблари, услубий ёндашувлар борми? Булар бўйича ишлаш керак. Халқ талаб қиляпти. Фақат компьютерга интернетни улаб қўйиш билан иш битмайди", - деди Сенат раиси.
Сенат раиси шунингдек, ахборотни англаш, тушуниш, таҳлил қилиш, қайта ишлаш, мунтазам янгилаб бориш зарурлиги, бунинг учун малака кераклигини айтиб, малака бўлмаган жойда масъулият бўлмаслигини урғулади.
Тегишли масъулларга ижтимоий тармоқлардаги фуқароларнинг асосий мурожаати, муаммо-эътирозлари бўйича алоҳида ҳисоботлар тайёрлаш, унинг ечими бўйича ишлаш топшириғини берди.