Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Оила кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур лойиҳада Оила кодексининг 13, 17 ва 212-моддаларига ўзгартишлар киритиш ҳамда никоҳни қайд этишнинг бир ойлик муддати ва уни қисқартириш учун асос бўлувчи ҳолатларни бекор қилиш назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳаси қабул қилинса, никоҳланувчи шахслар мажбурий тиббий кўрикдан ўтгандан сўнг 1 ойлик муддатни кутмасдан никоҳини расмийлаштириши мумкин бўлади.
Амалдаги қонунчиликка кўра, никоҳланувчи шахслар ФҲДЁга ариза берганидан вақтдан бошлаб 1 ой ўтгач никоҳи қайд қилиниши белгиланган. Бу вақтда никоҳланувчи шахслар мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши лозим.
Алоҳида ҳолларда, яъни ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги, хизмат сафари каби узрли сабаблар бўлганда 1 ойлик муддат қисқартирилган ҳолда никоҳни қайд қилишга рухсат берилган.