Жорий йилнинг 15 апрель куни Бош прокуратура, ИИВ ер ресурсларини ўзлаштиришнинг олдини олиш бошқармаси ва Департаментнинг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан "Mega Building Business" МЧЖ мансабдор шахслари томонидан 3 млн АҚШ доллар миқдоридаги инвестиция мажбурияти бўйича ажратилган ер майдонини сотмоқчи бўлган вақтида қўлга олинди, деб хабар қилди Туризм давлат қўмитаси матбуот хизмати.
Компания ходимлари аванс сифатида 180 минг доллар олаётган вақтида қўлга олинди.
Қайд этилишича, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги "Сариқонли" фермер хўжалиги ҳудудидаги 40 гектар ер майдони "Mega Building Business" МЧЖга 30 миллион сўмга берилган.
Ушбу майдонда меҳмонхона, коттеж шаҳарчаси, ошхона ва савдо маркази, шунингдек, 140 ўринли болалар боғчаси қурилиши керак эди.
Ер участкаси эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашининг 2019 йил 19 мартдаги далолатномасига асосан Бўстонлиқ тумани ҳокимининг қарори билан ажратилган.
"Компания шу пайтгача "Чорвоқ" туристик-рекреацион зонаси дирекцияси олдида юқоридаги инвестиция мажбуриятларини бажармаган. Бу Чорвоқ ТТЗ аъзоси мақомини йўқотишга, солиқ ва божхона имтиёзларини бекор қилишга, тўланмаган солиқ ва божхона тўловларини тўлиқ ундиришга олиб келади", — дейилади хабарда.
Aйни пайтда "Mega Building Business" МЧЖни "Чорвоқ" туристик-рекреацион зонасидан олиб чиқиб, ажратилган ер майдонларини давлат захирасига қайтариш масаласи кўриб чиқилмоқда. Тошкент вилояти прокуратураси Бўстонлиқ тумани ҳокимининг қарорини бекор қилиш юзасидан вилоят ҳокимлигига сўров киритди.
Мазкур ҳолат юзасидан компания ходимларига нисбатан ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.