Шавкат Мирзиёев иштирокида Фарғона шаҳрида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди.
Қайд этилишича, фарғоналикларнинг тадбиркорлиги, миришкорлиги туфайли сезиларли натижаларга эришилмоқда. Хусусан, охирги бир йилда 10 мингдан зиёд кичик корхона ташкил этилган. Экспорт ҳажми 44 фоизга ошиб, 801 миллион долларга етган.
"Биз тўғри йўлни танлаб олдик. Бу жойларда ўз натижасини беряпти. Жорий йил якуни бўйича маҳаллий бюджетда 1 триллион сўм қолиши кутиляпти. Бунинг эвазига одамларга шароит, тадбиркорлик инфратузилмаси бўлади" - деди Шавкат Мирзиёев.
Таъкидланишича, аҳоли ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, ҳар бир маҳалланинг ихтисослашуви ривожлантирилиши, жорий йилда 147 минг фуқаро бандлигини таъминлаш учун 1 трлн сўмдан зиёд маблағ йўналтирилиши айтилди.
"Тадбиркорларга шароит яратсак, одамларга нафи тегади, ёшларни ўз ортидан эргаштиради. Тадбиркорни сийласак, у халқни сийлайди, - деди давлат раҳбари.
Вилоят тадбиркорларининг 183 та инвестиция лойиҳасини молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан қўшимча 23 миллион доллар йўналтирилиши белгиланди.
Йиғилишда Бош вазир ўринбосарлари ва бошқа мутасаддилар ўз тизимини қуйи бўғинда ишлатиш бўйича халққа ҳисобот берди.