Тошкент шаҳрида 36 ёшли эркак вояга етмаган қизларни таъқиб қилиб, жинсий яқинлик қилмоқчи бўлди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди судьяси Фарҳод Абдушукуров хабар қилди.
Судланувчи 2020 йилнинг 28 ноябрь куни мастлигида Бектемир туманидаги кўп қаватли уйлардан бирида лифтга вояга етмаган икки қизнинг кириб кетганини кўради.
Эркак 16 ёшга тўлмаган қизларнинг ортидан лифтга киради. Лифт 1-қаватдан 6-қаватга кўтарилгунга қадар беҳаё ҳаракатлар қилади. Қизлардан бирининг қўлларидан ушлаб, ўзига тортиб, қўли билан зўрлик ишлатади.
Лифт эшиги очилиши билан воқеа жойидан яширинади.
Бироқ орадан тахминан 10 дақиқа ўтгач, лифтга бошқа вояга етмаган қизнинг кириб кетаётганини кўради ва унинг ортидан лифтга киради. Лифт 6-қаватга кўтарилгунга қадар эркак ахлоқсиз ҳаракатларини такрорлайди. Қиз унга қаршилик қилади ва эшик очилганида эркак чиқиб кетади.
Судланувчи судда айбига тўлиқ иқрор бўлди. У бунга спиртли ичимлик таъсири остида қўл ургани, қилган ишидан пушаймонлигини билдирди.
Судланувчи ЖКнинг 129-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 60, 61-моддаларига асосан, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туман судининг 2015 йил 6 майдаги ҳукмига кўра тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 1 йил-у 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланди.