Бугун, 14 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни ва уни жадаллаштириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди.
Жумладан, Ишчи гуруҳининг тўртта муҳим йиғилиши ўтказилиб, 500 дан ортиқ масалалар кўтарилди, 30 дан зиёд расмий ҳужжатлар ЖСТ Котибиятига тақдим этилди. Аъзоликни жадаллаштириш мақсадида соҳаларда тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, икки томонлама музокаралар доирасида 33 та мамлакат билан бозорга кириш бўйича музокаралар олиб борилиб, бугунги кунга қадар 24 таси билан музокаралар якунланди.
Йиғилишда давлат раҳбари томонидан ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштириш ҳамда уни сифатли ва тизимли ташкил этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Унга кўра, жорий йилда қолган 9 та мамлакат билан икки томонлама музокараларни якунлаш, Ишчи гуруҳининг 2 та йиғилишини ўтказиш ҳамда Ишчи гуруҳнинг ҳисобот лойиҳасини якунлаш орқали Ўзбекистоннинг ЖСТ доирасидаги мажбуриятларини тўлиқ шакллантириш вазифалари аниқ белгилаб берилди.
Шунингдек, қонунчиликни ташкилот талабларига мослаштириш доирасида 15 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш жараёнини жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди. Жумладан, “Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”, “Муҳофаза чоралари, антидемпинг ва компенсация божлари тўғрисида" янги таҳрирдаги қонунларни қабул қилишни тезлаштириш ҳамда бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан яқиндан ва самарали ҳамкорликни таъминлаш Президент томонидан муҳим вазифа сифатида белгилаб берилди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария, фитосанитария ва ветеринария соҳаларини ислоҳ қилиш, ушбу йўналишларда кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш кераклиги алоҳида қайд этиб ўтилди.
Изоҳ