"Давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, ташаббускорлик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент фармони билан Президент Администрацияси тузилмасига ўзгартиришлар киритилди.
Ҳужжат билан Президент Администрацияси раҳбари лавозими жорий этилди, уни Саида Мирзиёева эгаллади. Унга Президент Администрацияси тузилмасида кадрлар, ташкилий ва эксперт масалаларини бошқариш бўйича ваколатлар берилган.
Хусусан, унинг ваколатига президент маслаҳатчиларининг ўринбосарлари, Президент Администрацияси таркибий бўлинмалари раҳбарларининг ўринбосарлари, комплаенс хизмати бошлиғи, девонхона мудири, шунингдек, маъмурий бошқарувчилар, шу жумладан илгари ушбу лавозимларга бевосита президент томонидан тайинланганларни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш киради. Шунингдек, у Президент Администрацияси ходимларининг штат жадвалини тасдиқлаш ҳуқуқига эга.
Бундан ташқари, Саида Мирзиёева лойиҳа бошқаруви тамойиллари асосида ривожланиш дастурларини амалга оширишга маҳаллий ва хорижий мутахассислар ва экспертларни, шу жумладан олимлар ва тадқиқотчиларни жалб қилиш ҳуқуқига эга.
Бундай ҳамкорлик тўғридан тўғри шартномалар орқали расмийлаштирилади, молиялаштириш эса, шу жумладан, АЖ фаолиятига кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилиши мумкин. Шунингдек, унга меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорларини мустақил белгилаш, жалб этилган мутахассисларга ҳақни миллий ва чет эл валютасида тўлаш ҳуқуқи берилди.
Икки ҳафта муддатда Президент Администрацияси бошқарув ходимлари фаолиятини баҳолаш, уларни аттестациядан ўтказиш, шунингдек, энг малакали ва салоҳиятли кадрларни танлаб олишни таъминлаш топширилди.
Президент маслаҳатчилари ва Президент Администрацияси таркибий бўлинмалари раҳбарлари ўн кун муддатда ўз йўналишлари бўйича ривожлантириш лойиҳалари рўйхатини шакллантириши ва тасдиқлаш учун Президент Администрацияси раҳбарига тақдим этиши лозим.
Коммуникациялар департаменти бир ой муддатда Давлат коммуникациялар стратегиясини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун киритсин.
Агентлик девони бошқа таркибий бўлинмалар билан биргаликда бир ой муддатда иш жараёнларига замонавий рақамли воситаларни, шу жумладан ходимлар фаолияти самарадорлигини мониторинг қилиш, видеоконференциялар, йиғилишлар ва бошқа тадбирларни ўтказишни жорий этиши лозим.
Қайд этилишича, Администрация раҳбари, унинг ўринбосарлари, ёрдамчилари, маслаҳатчилари, президент вакиллари ва таркибий бўлинмалар (ПА раҳбари котибияти, президент маслаҳатчилари бўлинмалари, президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибияти, президент протоколи, Администрация департаментлари, Ишлар бошқармаси, Комплаенс хизмати, девонхона) бошлиқлари давлат раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
Изоҳ