Жаҳон банки ижроия директорлари кенгаши Ўзбекистонга олий, техник ва профессионал таълим тизимида талабаларнинг молиявий имкониятларини тенг равишда кенайтиришга қаратилган EduImkon дастурини амалга ошириш учун 250 миллион доллар миқдорида кредит ажратишни маъқуллади.
Келгуси уч йил давомида ушбу дастур талабаларни қўллаб-қувватлаш тизимини мустаҳкамлашга ва мамлакат бўйлаб 600 мингга яқин ёшларни таълим кредитлари билан қамраб олишга хизмат қилади. Дастур маблағларининг тахминан 80 фоизи кам таъминланган оилалар фарзандлари ва аёлларни кредитлашга йўналтирилади.
Қайд этилишича, аҳолининг 14–30 ёшли қисми улуши юқори (10 миллионга яқин) эканини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон ҳукумати олий, техник ва касбий таълимга кенгроқ имконият яратишга устувор аҳамият қаратмоқда. Қабул қилинган чоралар натижасида мамлакатда олий таълим муассасалари сони қарийб уч баробар ошди, ёшларнинг олий таълим билан қамрови эса 2017 йилдаги 8 фоиздан 2024 йилда 48 фоизга етди.
Шу билан бирга, талабалар сони кўпайиши давлат бюджетига тушадиган юкни оширди ва ҳозирда маҳаллий тижорат банклари орқали берилаётган субсидияли таълим кредитлари тизимининг барқарорлигини таъминлашни қийинлаштирди.
Бундан ташқари, амалдаги талабаларни кредитлаш тизими меҳнат бозори эҳтиёжларини етарлича ҳисобга олмайди. Ҳозирги кунда таълим кредитлари асосан юқори талабга эга йўналишлар — табиий фанлар, технология, муҳандислик, математика (STEM), шунингдек ахборот-коммуникация технологиялари каби соҳаларга қаратилмаган. Бу эса битирувчиларнинг муносиб даромадли иш топиш имкониятларини пасайтиради.
Шунингдек, аёллар олий таълим муассасаларидаги талабаларнинг 55 фоизини ва таълим кредитлари олувчиларнинг 80 фоизини ташкил этса-да, уларнинг фақат 33 фоизи меҳнат бозорида талаб юқори бўлган STEM йўналишларида таҳсил олади.
Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган EduImkon дастури 2026–2028 йилларда Ўзбекистон иқтисодий ва молиявий вазирлиги томонидан амалга оширилади ва талабаларни молиялаштириш тизимидаги мавжуд тўсиқларни бартараф этишга қаратилган. Учинчи йил давомида қуйидаги чоралар амалга оширилади:
• таълим кредитлари тизимида бошқарув ва операцион жараёнларни модернизация қилиш бўйича аниқ «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, шунингдек профил вазирлик ва идоралар ўртасидаги мувофиқлашувни такомиллаштириш; • таълим кредити аризаларини кўриб чиқишни соддалаштириш ва тезлаштириш, қарорлар қабул қилиш учун аналитик маълумотлар йиғиш жараёни самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш мақсадида ягона онлайн-платформани ишга тушириш; • кам таъминланган оилалардан бўлган талабалар ва аёллар учун таълим кредитини олиш мезонларини соддалаштириш, шунингдек олий, техник ва профессионал таълимга кириш имкониятларини кенгайтириш учун янги давлат қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий қилиш; • таълимнинг меҳнат бозори эҳтиёжларига мувофиқлигини ошириш ва таълим кредитлари тизимининг узоқ муддатли молиявий барқарорлигини таъминлаш; • кам даромадли талабалар ҳамда ўқишни тамомлаганидан кейин вақтинчалик ишсиз қолган шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида даромадга боғлиқ тўлов тизими асосида кредит бериш механизмларини ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш.
Кутиллишича, 2028 йил декабрига келиб, мамлакат бўйлаб 600 мингга яқин олий, техник ва касбий таълим муассасалари талабалари модернизация қилинган талабаларни молиялаштириш тизими имкониятларидан фойдаланиши мумкин бўлади. Таълим кредитлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда 12 та тижорат банки томонидан тақдим этилади.
EduImkon дастури маблағларининг 190 миллион доллардан ортиғи, яъни тахминан 80 фоизи кам таъминланган ёшлар, аёллар ва меҳнат бозори талаб юқори бўлган STEM йўналишларини танлашни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Бундан ташқари, EduImkon дастури 30 миллион доллар қўшимча хусусий инвестицияларни жалб қилишга ёрдам беради, бу эса талабаларни кредитлаш имкониятларини янада кенгайтириб, давлат бюджетига тушадиган юкни камайтиради.
Изоҳ