Самарқанд вилояти судида Россия Федерацияси ва Украина ўртасидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган Ўзбекистон фуқароси Қ.Ж.га нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.
Судда аниқланишича, у 2024 йил декабрь ойида Россия Федерациясининг Москва шаҳрида ишлаб юрган вақтида меҳнат фаолияти учун талаб этиладиган “патент” ҳужжатини расмийлаштирмагани сабабли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тўхтатилган. Жавобгарликдан қочиш ва моддий манфаат орттириш мақсадида у Россия Федерацияси қуролли кучлари сафига ёлланиб, Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган.
2025 йил январь ойида ҳарбий дрон ҳужуми оқибатида оғир тан жароҳатлари олган судланувчи Москва шаҳридаги ҳарбий госпиталда даволанган. Кейинчалик у Ўзбекистон Республикасига қайтиб келган.
Суд мажлисида Қаххоров Ж.Р. ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилган ишидан пушаймон эканини билдирган. Бироқ унинг айби гувоҳлар кўрсатмалари ва жиноят иши материаллари билан тўлиқ исботланган.
Суд томонидан унинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми билан квалификация қилиниб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланган ҳолда 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Изоҳ