Кўча рассоми Inkuzart, “ўзбек Бэнкси” сифатида танилган ижодкор, ўзининг янги асари билан бўлишди. Бу сафар у чуқур футбол метафораси орқали миллий жамоа ва унинг мухлислари ўртасидаги узвий боғлиқликни ёритган.
Янги граффитида мухлислар қўлларида чизилган ойна тутган ҳолда тасвирланган бўлиб, унда “12-рақамли ким?” деган қисқа савол ёзилган.
Бу образ жаҳон футболидаги машҳур анъанага ишора қилади. “Ўн иккинчи ўйинчи” атамаси мухлисларга нисбатан қўлланади — уларнинг трибунадаги фаол қўллаб-қувватлаши жамоага қўшимча ўйинчи каби таъсир кўрсатади. Шу боис кўплаб машҳур клубларда 12-рақам расман мухлисларга тегишли бўлиб, футболчилар томонидан ишлатилмайди. Ҳатто энг фаол мухлислар учун “12-ўйинчи” номидаги махсус мукофот ҳам мавжуд.
Inkuzart’нинг ушбу иши мамлакат учун муҳим даврда миллий бирлик рамзига айланди. Яқин вақтларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этиши кутилмоқда.
Изоҳ