Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 октябрь куни «Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёвни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистонда илк интеграциялашган атом электр станциясини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш, шунингдек, илғор технологиялар ва билимлар асосида зарур инфратузилмани ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Биринчи реактор биноси пойдеворини қуриш ва атом электр станциясини лойиҳалаштириш ишлари изчил давом этаётгани қайд этилди.
Суҳбат давомида атом энергетикаси соҳаси учун малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди. Бунда «ММФИ» миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкентдаги филиали ҳамда «Росатом» объектларидаги имкониятлардан фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, бўлажак АЭС яқинида атомчилар шаҳарчасини барпо этиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Шаҳарчада энергия тежамкор уй-жойлар, замонавий таълим, тиббиёт ва спорт муассасалари, шунингдек, аҳоли учун қулай ижтимоий инфратузилма яратиш режалаштирилган.
Изоҳ