Ўзбекистонда ўзбек алифбосига киритилган ўзгартишлар муомаладаги банкнотларни алмаштиришни талаб қилмайди. Ҳозир фойдаланилаётган барча пуллар аввалгидек тўлов воситаси бўлиб қолади. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.
Таъкидланишича, алифбодаги айрим ҳарфларнинг ёзилиши ўзгаргани амалдаги пулларни янгисига алмаштириш кераклигини англатмайди. Фуқаролар мавжуд банкнотлар орқали харидларни амалга ошириши ва тўловларни бемалол қилиши мумкин.
Келгусида янгиланган алифбо асосида янги банкнотлар чиқарилган тақдирда ҳам улар ҳозирги пуллар билан бир вақтда муомалада бўлади.
Марказий банк янги банкнотлар муомалага чиқарилиши ҳақида камида бир ҳафта олдин расмий ахборот беришини ҳам маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда янги алифбога ўтиш бўйича режалар тақдим этилгани ҳақида ёзган эдик. Унга кўра, ўзгаришлар ID-карталар, паспортлар, дарсликлар, банк тизимлари, веб-сайтлар, пешлавҳалар ва товар қадоқларига ҳам тааллуқли бўлади. Шу билан бирга, аввал берилган ҳужжатлар ўз юридик кучини сақлаб қолади.
Демак, алифбо ўзгариши муносабати билан фуқаролар қўлидаги пулларни алмаштириши шарт эмас.
Изоҳ