Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23 апрель куни Самарқанд шаҳрида амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда президент Матбуот хизмати хабар вилди.

Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлат раҳбарига Россия президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Суҳбатда Ўзбекистон-Россия дўстлик, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Барча йўналишларда фаол мулоқотлар ва сермаҳсул алмашинувлар олиб борилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми ошмоқда. Ҳудудлар ва етакчи саноат корхоналарининг кооперацияси кучаймоқда. Маданият, санъат, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик кенгайиб бормоқда.
Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.