Излаш
RUUZ

Жамият

Кўчмас мулк бозор нархида қайта ҳисоблаб чиқилади, ҳисоблаш Тошкентдан бошланади

Олди-сотди, ижара ва мерос жараёнларини соддалаштириш учун UZKAD маълумотлар базасини тўлдириш режалаштирилган.

230views0replies
0

UzNews.uz

Аввалроқ, Ўзбекистонда кўчмас мулкни бозор қийматига яқинлаштириш учун оммавий баҳолаш бошланиши ҳақида хабар берган эдик. Бу кўчмас мулк бозорининг ягона маълумотлар базасини яратишга, солиқларни камайтиришга ва янада адолатли солиққа тортишга олиб келади. Ислоҳот доирасида 8 миллиондан ортиқ кўчмас мулк ва 7 миллионга яқин ер участкалари баҳоланади.
Куни кеча президент ер ҳисобини юритиш ва кадастр хизматини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ва галдаги вазифалар тақдимоти билан танишди.
Қайд этилганидек, кўплаб ҳудудларда кўчмас мулкнинг кадастр қиймати билан ҳақиқий бозор қиймати ўртасида катта тафовут мавжуд бўлиб, бу ҳуқуқий муносабатлар ва бозорда номутаносибликларни келтириб чиқармоқда.
Кадастр агентлигида Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази ташкил этилди. Марказга 40 млрд сўм маблағ ажратилиб, малакали мутахассислар жалб қилиниб, амалий ишлар бошлаб юборилган.
Жорий йилда оммавий баҳолаш Тошкент шаҳрида бошланади ва босқичма-босқич Нукус шаҳри, вилоятлар марказлари ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида жорий этилади.
Шунингдек, соҳадаги энг долзарб масала – кўчмас мулк муносабатларини тартибга солишдир. Шу мақсадда кўчмас мулкларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги давлат томонидан кафолатланадиган ягона маълумотлар базаси – UZKAD тизими ишга туширилган. Барча бино ва иншоотлар хатловдан ўтказилиб, унга киритилмоқда. Ҳозиргача 150 мингта турар ва 707 мингта нотурар жой, 44 мингта кўп қаватли уй ҳақидаги маълумотлар ушбу янги тизимда акс эттирилган.
Жорий йилда 400 мингта якка тартибдаги уй UZKAD тизимига киритилади. Натижада мол-мулкни сотиш, ижарага бериш, мерос қолдириш, гаровга қўйиш каби жараёнлар осонлашади. Келгусида 6 миллион 300 мингдан зиёд барча якка тартибдаги уйлар ушбу тизимда акс эттирилади.
Давлат раҳбари кадастр маълумотлари иқтисодий дастурларни самарали режалаштиришда муҳим асос бўлишини таъкидлаб, бу борада яхлитлик ва аниқликни таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди. Шунингдек, бюрократияни кескин қисқартириб, кадастр хизматлари сифатини ошириш, тадбиркорларга енгилликлар яратиш вазифаси қўйилди.
230views0replies
0

Изоҳлар