Аввалроқ, Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди МЧЖ раҳбарига ўз биносида шароит яратгани учун жаримага тортгани муҳокамаларга сабаб бўлди.
"Миллий тикланиш" ДП раиси Алишер Қодиров ҳам ҳолатга муносабат билдирди.
Унинг қайд этишича, 2021 йил, 5 июлда қабул қилинган янги таҳрирдаги "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонуннинг 7-моддасида, жой бўйича чекловлар белгиланган амаллар қаторидан "ибодат" сўзи олиб ташланган.
"Демак, амалдаги қонунда ибодат жойи учун чеклов белгиланмаган. Албатта, ибодат одобига риоя қилиш мажбурияти муҳокама учун мавзу эмас", - ёзади депутат.
Шундан сўнг, Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати ҳолат муҳокамаларга сабаб бўлаётган ҳолатга муносабат билдирди.
Билдирилишича, фуқароларнинг биргаликда динга эътиқод қилиш, ибодат қилиш, диний расм-русум ва маросимларни бажариш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ҳолда диний ташкилот ташкил этиш талаб этилади. Диний ташкилот юридик шахс мақомига эга бўлган ҳолда мустақил ҳуқуқ субъекти сифатида ижтимоий муносабатларда иштирок этади.
Диний эътиқоди сабабли бирлашган бир гуруҳ фуқаролар диний ташкилот сифатида рўйхатдан ўтишни истамаса ёки қонунчилик талаблари асосида бу жараён якунига етмаган бўлса, унда ҳар бир фуқаро алоҳида жисмоний шахс сифатида виждон эркинлиги ҳуқуқини, шу жумладан диний расм-русум ва ибодатларни мустақил амалга ошириш имкониятини сақлаб қолади.
"Қонунда белгиланган мажбуриятларни бажаришдан ҳеч ким ўз диний эътиқодларини сабаб қилиб бўйин товлаши мумкин эмас. Диний расм-русумлар ва маросимларни белгиланган жойларда ўтказиш бўйича қонун талабларига лоқайд муносабатда бўлиш дин ва давлат ажратилганлиги тамойилига зид вазият шаклланишига сабаб бўлади", - дейилади муносабатда.
Таъкидланишича, турли конфессияларга тегишли бўлган бир гуруҳ шахслар ёки диний ташкилотларнинг муайян ҳудудидан ташқари диний расм-русум ва маросимларни амалга ошириш шаклида диний фаолият юритиши натижасида мамлакатда миссионерлик ҳаракатлари авж олади, бу эса аҳоли орасида йиллар давомида шаклланган диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик муҳитига салбий таъсир этади.
"Фуқароларимиздан диний мавзу ўта нозик эканини эътиборга олиб, яна бир бор интернет ва ижтимоий тармоқларда диний масалалар юзасидан фикр билдирганда холис бўлиш, айни вақтда, давлатнинг дунёвий демократик тамойилларини қатъий ёдда тутган ҳолда шахсий қарашларини оммавий муносабат сифатида талқин қилмасликларини сўраб қоламиз" - дея изоҳ берди қўмита.