Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири буйруғи билан «Тиббиёт ташкилотларида дори воситаларини тайинлаш, халқаро патентланмаган номланиши бўйича рецептларни расмийлаштириш ҳамда беморнинг дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш тартиби тўғрисида»ги Низом тасдиқланди.
Мазкур Низом тиббиёт ташкилотларида дори воситаларини тайинлаш, халқаро патентланмаган номланиши бўйича рецептларни расмийлаштириш ҳамда беморнинг дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш тартибини белгилайди.
Унга кўра, мулкчилик шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар барча тиббиёт ташкилотларида беморга мажбурий тартибда халқаро патентланмаган ном бўйича рецепт ёзилиши лозим.
Шунингдек, беморга бир вақтнинг ўзида беш ва ундан ортиқ дори воситалари (дори воситаларининг туридан қатъи назар) тайинланганда беморга тайинланган дори воситаларининг асослилиги тиббиёт ташкилотларининг бўлим мудири ёки навбатчи шифокори ёхуд клиник фармакологи билан келишилиши лозим.
Тиббиёт ташкилотининг даволовчи шифокори томонидан тайинланган рецептда дори воситасининг халқаро патентланмаган номи, таркиби, шакли, уни тайёрлаш ва бериш ҳақидаги ёзма кўрсатмаси лотин тилида, дори воситаларини қўллаш усули эса давлат тилида кўрсатилиши шарт.
Зарур ҳолларда рецепт малакали таржимани таъминлаган ҳолда бемор тушунадиган бошқа тилда ёзилиши мумкин.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ даволовчи шифокор томонидан қуйидаги ҳолатларда дори воситаларига рецепт расмийлаштирилиши тақиқланади:
— мижознинг тиббий кўрсатмаси бўлмаган ҳолатларда;
— Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилмаган дори воситаларига (орфан дори воситалари бундан мустасно);
— фақат тиббиёт ташкилотларида қўллашга мўлжалланган дори воситалари, шу жумладан наркоз воситаси сифатида ишлатиладиган дори воситаларига.
Эслатиб ўтамиз, вазирликнинг мазкур буйруғи жорий йил 1 июль куни Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан электрон тарзда ўтказилган ва бу миллий қонунчиликда қабул қилинган илк электрон ҳужжат сифатида қарши олинган эди.