Ташриф доирасида Президентга Ахсикент мажмуа бош режаси, унинг тадқиқот олиб борилган объектлари, ҳудудда барпо этиладиган туристик мажмуа лойиҳаси ҳақида маълумот берилди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
Шунингдек, Ахсикентнинг қадимий довруғини тиклаш мақсадида рамзий дарвоза қурилиб, Умаршайх Мирзо ва Бобурнинг Камолиддин Беҳзод чизган суратлари асосида уларнинг ҳайкали бунёд этилиши қайд этилган.
Сайёҳлар учун Сирдарё бўйлаб қайиқларда сайр қилиш, туяда кўҳна шаҳарни томоша қилиш имконияти яратилиши ҳам айтиб ўтилган. Бир сўз билан айтганда, зарур инфратузилма, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилиб, Ахсикент туризм манзилига айлантирилади.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари Ахсикент тарихини илмий асосланган ҳолда чуқур ўрганиш, аждодларимизнинг асл ўтмиши ҳақида маълумотларни тўплаш ва ёш авлодга сингдириш бўйича тизимли ишларни олиб бориш кераклигини таъкидлаган.
"Ахсикент – буюк тарихимиз кўзгуси. Боболаримиз яшаган, қаҳрамонлик кўрсатган бу манзилда тарихимизни тиклаш учун жуда катта манба, ўтмиш далиллари бор. Биз шу пайтгача фақат машҳур шаҳарларимиз тарихини ўргандик, бундай жойларга эътибор қилмадик. Маънавиятимизни юксалтирмоқчи бўлсак, ёшларимизни ота-боболаримизнинг асл меросидан баҳраманд этиб улғайтиришимиз, халқимизга етказишимиз керак", - деган Президент.
Шунингдек, мажмуада қадимий тарихимизни тарғиб қилувчи фестиваль ўтказиш, Наманган давлат университетида археология таълим йўналишларини очиш бўйича тавсиялар берилган. Тарихни тарихий объектларда ўқитиш, мактаб ва университетдаги амалий машғулотлар ва дарсларниг айримларини шу ерда ўтиш зарурлиги таъкидланган.
Маълумот: Ахсикент эрамиздан аввалги III асрда ташкил топган бўлиб, қадимги Фарғона давлатининг пойтахти, Буюк ипак йўлининг асосий шаҳарларидан бири бўлган. Тарихий манбаларда, хусусан, “Бобурнома”да бу кентнинг алоҳида аҳамияти ҳақида кўп ёзилган. Қадимдан бу ерда ер ости сув иншооти бўлгани боис мудофаа учун қулай саналган. Шаҳар Арк, ички ва ташқи шаҳардан иборат бўлган. Бу ерда ўз даврида шишасозлик, кулолчилик, темирчилик, қуролсозлик каби ҳунармандлик турлари ривожланган. 1620 йилларга келиб зилзила оқибатида улкан шаҳар вайрон бўлган. Бугунги кунда харобаларнинг 60 гектарга яқин қисми сақланиб қолган бўлиб, Фарғона водийсидаги энг катта археологик ёдгорликдир.
Мазкур ёдгорлик Наманган вилоятининг сайёҳлик салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Юртимиз ва хориждаги сайёҳлик кўргазмаларида қадимий Ахсикент ҳақида ҳам тақдимотлар ўтказилмоқда. Бунинг самарасида маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ўртасида тарихий ёдгорликка қизиқиш ортмоқда. Ҳозирга қадар Бельгия, Австрия, Япония, Жанубий Корея, Россия, Эрон, Покистон, Ҳиндистон каби давлатлардан сайёҳлар ташриф буюрган.